Ҳар бир мамлакат ўз мезонлари асосида таълим тизими тамойилларини белгилайди. Ана шу жиҳатдан турли давлатларда таълим олиш имкониятлари турлича бўлади. Тизимга асос солинаётган пайтда мамлакатнинг тарихий анъаналари, бугунги кун талаблари, мутахассисларга бўлган эҳтиёж даражаси, иқтисодий, ижтимоий имконият ва қонуниятлари инобатга олинади.
Жаҳон мамлакатлари таълим тизимига назар ташлар экансиз, баъзида ибратли, гоҳида ҳайратланарли ҳолатларга дуч келасиз. Шундай таълим тизимига эга давлатлардан бири Люксембургдир.

Биласизми, бу ерда олий таълим муассасалари умуман мавжуд эмас. Тўғри, мамлакатда 4 та институт фаолият кўрсатади. Уларнинг барчаси давлатга тегишли. Бироқ улар ҳақиқий маънодаги олий академик таълим берувчи муассасалар ҳисобланмайди, балки кўпроқ касбий таълим йўналишидаги институтлар вазифасини бажаради.
Таълим тизими ҳақида гапирсак...
Люксембург таълим тизими 1912 йилдан буён (шу йили тизимга асос солинган) ўзгармаган. 16 ёшгача бўлган барча болалар таълим олиш учун рўйхатдан ўтган бўлиши лозим. Ўқиш жами 11 йил давом этади. Бу муддат ичига 2 йиллик тайёрлов курслари ҳам киритилган.

Халқ таълими тизими 4-6 ёшли болалар учун мўлжалланган мактабгача муассасалардан бошланади. Кейинги босқич эса бошланғич мажбурий мактаблардир. Уларда ўқиш муддати 6 йил (6 -12 ёш). Мазкур босқичда бепул таълим берилади. Мактаблар давлатга қарашли ёки хусусий муассаса бўлиши мумкин.
Бола 12 ёшида ўрта мактабга боради ва унда 3 йил таҳсил олади. Мамлакатда ўрта таълим умумий ва иккинчи даражали техник таълимга бўлинади. Шунингдек, ўрта мактаб таълими классик ва замонавий лицейларда ҳам амалга оширилади. Ўқиш классик лицейларда 7 йил, замонавий лицейларда 6 йил давом этади. Бундай мактаблар пулли асосда таълим бериб, у ерда ўқиш мажбурий ҳисобланмайди.Ўқув йили октябрда бошланиб, июль ойида якунланади. Камида учта чет тилини билишади.
Мажбурий мактабда таълим немис тилида олиб борилади. Ўрта мактабда эса дарслар француз тилида ўтилади. Француз тили худди шу тартибда мажбурий мактабларда ҳам ўргатилади.
Айтиш лозимки, хорижий тилларни ўрганишда болалар ҳам, катталар ҳам давлат томонидан бирдек қўллаб-қувватланади. Бунинг учун Люксембург тиллар маркази доимий хизматда. Ушбу марказнинг оддий тил марказлари қаторида эмаслигини таъкидлаш лозим. У шунчалар машҳурки, муассаса барча мурожаат этувчиларга ҳам "лаббай" дейишга имкон тополмай қолади. Марказ тил ўрганиш учун зарур бўлган барча қулайликлар, жумладан, бепул компьютер таълимини бериш имкониятига эга.

Давлат томонидан кўрсатилган ёрдам ҳамда фуқароларнинг интилувчанлиги самараси ўлароқ, мамлакат фуқароларининг деярли ҳар бири камида 3 тадан хорижий тилни ўзлаштирган.
Юқорида айтилганидек, Люксембургда олий ўқув юртлари йўқ. 1969 йилда хорижий университетларга ўқишга тайёрловчи университет маркази очилган. Мазкур марказда ўқишни якунлагач ёшлар чет давлатлари олий ўқув юртларининг 2-курсига кириш имкониятига эга бўлади.

Тўғри, бу ерда 1973 йилда асос солинган Меҳнат университети каби бир неча университет ёки институтлар бор, аммо уларда тўла махсус маълумот берилмайди.
Мамлакатда бир неча коллеж ва консерватория бор. Шу билан биргаликда шаҳарда 1798 йилдан буён ишлаб келаётган Миллий кутубхона мавжуд бўлиб, унинг жамғармаси ғоят катта. Миллий музей ҳам худди шу ерда жойлашган. Бундан ташқари, Табиатшунослар жамияти ва Буюк герцог институти ҳам фаолият кўрсатади. Ушбу институтда тарих, тиббиёт, табиий фанлар, адабиёт ва санъат секциялари мавжуд.
Қаерда мутахассис бўлишади?
Люксембургда мавжуд муҳандис-техниклар ёки бошланғич мактаб ўқитувчилари курслари ёки 2 йиллик амалий курслар битирувчиларининг нуфузи ниҳоятда баланд. Улар учун ишга жойлашиш ёки дунёнинг бирор бошқа мамлакатида ўқишни давом эттириш учун ҳеч қандай қийинчиликлар бўлмайди. Аммо улар олий маълумотли мутахассислар ҳисобланмайди.

Агар тўлиқ олий таълим олиш хоҳиши бўлса, у ҳолда фуқаролар университет таълимининг 1-курсини Люксембургда ўқийдилар, кейин эса Франция ёки Белгиянинг бирор университетига ўтишлари мумкин. Ана шу тарзда Люксембург фуқаролари академик таълимни хорижда оладилар. Ўрта ҳисобда чегара ортида таълим олувчилар сони 3,2 минг нафардан (2002) ортади. Люксембургликлар учун олий таълим олишда энг маъқул кўрилган мамлакатлар - Белгия, Франция, Германия, Австрия ва Буюк Британия.
Хўш, мамлакат фуқаролари нима асосда олий таълимни хорижда олиш ёки у ердаги ўқишни бир йўла иккинчи курсдан бошлаш ҳуқуқига эга бўлади?
Ўз ривожининг асосий калити ва таянч нуқтаси сифатида таълим соҳасини кўрган Европа мамлакатлари Европа олий таълим ҳудудини яратиш учун салмоқли ишларни амалга оширган. 1998 йил 25 майда қабул қилинган Сорбон декларацияси университетларнинг Европа маданий қадриятларини ривожлантиришдаги аҳамиятини таъкидлаб кўрсатди. Бу ҳужжат Европа олий таълим Ҳудудини яратиш имконини берди. Ундан кўзланган мақсад қитъанинг умумий ривожи учун малакали мутахассисларни етказиб бериш бўлди.

Шунингдек, ягона таълим кенглигини яратиш ва олий таълим тизимини уйғунлаштириш йўлида 1999 йил қабул қилинган Болоне декларацияси ҳам катта аҳамият касб этди. Расман Болоне жараёнида 35 та аъзо мамлакатлар иштирок этади. Олий таълимнинг икки босқичли моделида академик даражаларни қиёслаш, аккумуляция (жамлаш) ва кредитлар трансферти (ESTC - Кредитлар транcферти бўйича Европа тизими), таълим сифати кафолатлари соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, аккредитация ва сертификатлаштириш механизмларининг ўзаро тан олиниши декларацияда назарда тутилган жараёнлар туркумидандир.
ESTC - айнан мана шу Европа ўтказиш тизими люксембургликларга юқорида саналган имкониятларни тақдим этади. Бунинг учун талабалар тизим мезонлари бўйича ўзлари кўчирилаётган олий ўқув юрти талабларига жавоб бериши керак.
Европа миқёсида қўллаб-қувватланаётган хорижда олий таълим босқичида таҳсил олиш Люксембург ҳукумати томонидан ҳам махсус молиялаштириш дастурлари билан қўллаб-қувватланади ва кафолатланади. Давлат томонидан таълимга ажратиладиган харажатлар бюджетнинг 11,3 фоизини ташкил этади. Бу борада таълим харажатлари фақат ижтимоий харажатлардан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди.
Люксембург Ғарбий Европадаги майдони бор-йўғи 2586 км. кв. бўлган кичик бир давлат. Унинг аҳолиси ҳам ўзига яраша - 443 минг (2001) кишидан иборат. Аммо мамлакат фуқаролари шу даражада илмга чанқоқки, ҳатто етук мутахассис бўлиш учун ўзга давлат университетлари эшигини тақиллатишга ва жаҳон харитасида юксак даражада ривожланган индустриал давлат сифатида қайд этилган ватанлари ривожига ҳисса қўшишга доимо тайёр.
Тўпловчи Маъмура Тўраева
#Мақола