Талабанинг кунлик харажати қанча?
Талабалик – ҳаётнинг унутилмас пайти. “Олтин давр”дея ҳам таъриф беришади. Афсуски, бугунда, “харажатли давр” дейдиганлар ҳам топилади, чунки, кўпчилик шу паллада молиявий қийинчиликларни бошдан ўтказишади.
Маълумотларга кўра, бир нафар талабага Гарвардда бир йил ўқиш учун 56 000 доллардан ортиқ, уй-жой ва бошқа харажатлар билан бирга қўшганда, 83 000 АҚШ доллари миқдоридаги пул кетади. Одатда Гарвардда ўқув йили тахминан 9 ой давом этади. 9 ойда тахминан 270 кун бор (9 ой х 30 кун).
Кунлик харажат: 83,000 доллар / 270 кун = Тахминан 307.41 доллар.
Шундай қилиб, Гарвардда ўқиш учун бир талабанинг кунлик харажати тахминан 307.41 долларни ташкил этади. Хўш, Ўзбекистондаги ОТМ ларда-чи?
Ўзбекистон ОТМ талабаларининг кунлик харажати қанча?
Хўш, талабанинг кунлик харажати қанча? Айни савол билан биз талаба-ёшлар ўртасида сўровнома ўтказдик. Шунингдек, Инстаграмдаги саҳифамизда ҳам “Талабанинг кунлик харажати қанча?” деган савол билан пост жойлаштирдик ва мазкур мавзуни таҳлил қилишда айни пост остида қолдирилган изоҳларни ҳам ҳисобга олдик.
Талаба-ёшлардан кунлик харажатлари ҳақида сўраганимизда, улар ҳар хил фикрлар билдиришди. Уларнинг фикрларига кўра, ўртача кунлик харажатлар 20 минг сўмдан 100 минг сўмгача ва ундан юқори бўлиши мумкин.
Масалан, ЎзМУ талабалари орасида баъзиларидан сўраганимизда, кунига 40 мингдан 150 минг, ҳаттоки 300 минггача ишлатиши ҳам мумкинлигини айтишган бўлса, Тошкент Давлат Юридик Университети талабаларининг айримлари ҳатто кунига 500 минг сўм етмаслигини иддао қилишган. Бу олийгоҳнинг айрим талабалари кунига 100-300 минг сўмгача ишлатиши ҳақида ҳам фикрлар билдирилган. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУдагиларнинг кўпчилиги 100 минг сўм етишини айтган бўлса, айримлари кунига бир миллион ҳам кетади дейишган. Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика университети қизлари 70 мингдан 300 минг сўмгача ишлатамиз дейишган. Хуллас, ҳамма ҳар хил, “харажатга қараб” деганларидек талабалар ҳам чўнтагига қараб “кунлик” харажатни амалга оширар экан.
Камхарж талаба қаерда?
Энг кам харж, замонавий тилда айтганда “эконом класс”даги талабалар ётоқхоналарда истиқомат қилаётганларнинг баъзилари экан. Уларнинг айтишича, ойда бир марта пул сарфлаб бир ойлик еб-ичадиган маҳсулотлар (“продухта”лар) ғамлаб қўйилади, транспорт картаси олинади, ўқиш жойи яқин бўлганлиги учун кунлик тушлиги ётоқхонанинг ўзида бўлади ва кунига 20 минг етадиганлари ҳам бор. Ҳатто “Квартирадан қатнамайман, уйда овқатланамиз, шу сабабли кунига йўлкира учун 5000 сўм кетаркан”, деб фикр билдирган ёшлар ҳам бўлди.
Аммо харажатларнинг юқорилигидан шикоят қилган талабалар ҳам учради. Масалан, бир талаба “Талабалик олтин давр эмас, унчалик ўқиш қийин. Ҳар куни 40-50 минг кетади”, деб фикр билдиришган. Айрим талабалар харажатларнинг юқорилигига қарамай, талабалик даврини “олтин давр” деб аташди.
Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, Тошкентда талабаларнинг кунлик харажатлари жуда хилма-хил, бу эса уларнинг шахсий шароитларига боғлиқ.
Кунлик Харажатлар
Олий таълим олиш – келажак сари қўйилган муҳим қадам, лекин бу қадам молиявий жиҳатдан қанчага тушади?
Қуйидаги ўртача кунлик харажатлар:
Контракт (кундалик): Ўртача йиллик контракт (бакалавриат, давлат университети) – 15 млн сўм деб олсак, бир кунлик харажат (ўқув йили 9 ой) – тахминан 55 минг сўм.
Ижара (кундалик):
Ётоқхона (агар насиб қилса) – 150-200 минг сўм/ой (кундалик 5-7 минг сўм).
Квартира (4 киши бўлиб ижарага олинса, Тошкент шаҳрида) – 800 минг – 1.2 млн сўм/ой (кундалик 27-40 минг сўм).
Ўртача – 35 минг сўм (квартира нархидан келиб чиқиб).
Овқатланиш (кундалик):
Уйда овқат тайёрлаш (энг тежамли вариант) – 20-30 минг сўм.
Кўчада тушлик (ошхона, fast-фоод) – 25-40 минг сўм.
Нонушта (бочка, чой) – 10-15 минг сўм.
Кечки овқат (уйда/кафе) – 30-50 минг сўм.
Умумий – 75 минг сўм (ўртача ҳисобда, уйда овқатланиш ва кўчада овқатланишни ҳисобга олиб).
Транспорт (кундалик):
Жамоат транспорти (картада) – 1700 сўм х 2 (бориш-келиш) = 3400 сўм.
Такси (ўртача) – 15-20 минг сўм (фақат зарурат туғилганда).
Умумий – 5 минг сўм (жамоат транспортидан фойдаланишни ҳисобга олиб).
Бошқа харажатлар (кундалик):
Интернет (мобил) – 5-10 минг сўм (агар ойлик пакет олинса, кундалик 3-5 минг сўм).
Гигиена воситалари, дафтарлар, ручкалар – 2-3 минг сўм.
Маданий ҳордиқ (кинотеатр, кафе – ҳафта охирида) – 5-10 минг сўм/кун (ўртача ҳисобда).
Умумий – 10 минг сўм.
Кунлик харажатлар
55 000 (контракт) + 35 000 (ижара) + 75 000 (овқат) + 5 000 (транспорт) + 10 000 (бошқа харажатлар) = 180 000 сўм.
Ойлик харажат: 180 000 сўм/кун 30 кун/ой = 5 400 000 сўм
Хулоса:
Тошкентда талабаларнинг кунлик харажатлари жуда хилма-хил бўлиб, уларнинг шахсий шароитлари, турмуш тарзи ва молиявий имкониятларига боғлиқ. Талабалар ўртасида ўтказилган сўровномалар шуни кўрсатдики, кунлик харажатлар 20 минг сўмдан 500 минг сўмгача ва ундан юқори бўлиши мумкин.
Умумий ҳисоб-китобларга кўра, ўртача талабанинг бир кунлик харажати (контракт, ижара, овқатланиш, транспорт ва бошқа харажатларни инобатга олганда) тахминан 180 000 сўмни ташкил этади. Аммо, бу рақам ётоқхонада яшовчи ва тежамкорлик қиладиган талабалар учун камроқ бўлиши, квартирада турадиган ва кўпроқ харажат қиладиган талабалар учун эса юқорироқ бўлиши мумкин.
Албатта, грант асосида ўқиш, стипендия олиш, ётоқхонада яшаш, ейиш ва ичишни қисқартириш, кўнгилочар тадбирлардан воз кечиш орқали бу харажатни анча камайтириш мумкин. Лекин шунда ҳам 2 млн сўмдан камига бир талабани бир ой давомида таъминлашнинг амалда иложи йўқ.
Маълумот ўрнида: Нархлар статистик тадқиқотларга эмас, ҳаётий кузатувлар ва сўровларга асосан шакллантирилган. Умуман, бу борада бирор расмий тадқиқот олиб борилгани маълум эмас.
#Мақола