Мақолалар 26/02/2025 Қачон ўқитувчини талаба танлайди?

“Фан танлов” тизими қачон ишга тушади?

Аввалги олий таълим тизими ва ҳозиргисида фарқ борми?

  2020 йил бутун дунёда “COVID 19” пандемияси авж олгандан кейин, нафақат жаҳон иқтисодиёти ва сиёсатига балки, ўзимизнинг ички жамиятга ҳам таъсирини ўтказмай қолмади. Давлат бошқарувидан тортиб Соғлиқни сақлашгача барча соҳалар бирданига издан чиқиб кетди. Уларнинг орасида таълим жараёни энг оғир аҳволга тушиб қолди. Касалланишни олдини олиш мақсадида давлат идоралари, ОТМлар, коллежлар, мактаблар, боғчалар ёпилиб, уйда қолиш орқали ундан ҳимояланиш энг яхши ечим сифатида кўрсатилди. Иш фаолияти, таълим жараёнларининг барчаси бирданига, online босқичга ўтказилди. Ваҳоланки, бизда online ўқиш ёки ишлаш учун ўша пайтда тайёр дастур ва тайёргарлик йўқ эди. Ягона нажот, “Интернет” ва “Телеграм группалар” эди. Аммо буларнинг барчаси кутилган натижани олиб келмади. Таълим яна издан чиқиб, жуда оғир вазиятга тушиб қолди. Шуларни инобатга олган ҳолда тизимни буткул янгилаш ва такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”га кўра, мамлакатдаги ОТМларнинг 85 фоизи 2030 йилгача босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтиши белгиланган. Натижада, 2020-21 ўқув йилининг ўзида мамлакатимиздаги 33дан ортиқ йирик ОТМлар кредит-модуль тизимига ўтказилди. Мазкур ОТМларда асосан ЭCТС кредит-модуль тизими жорий этилган. Шу аснода, кредит-модуль бутун Ўзбекистон олийгоҳларига кириб келди.

Хўш, кредит-модуль ўзи қандай тизим?

  •   Кредит-модуль тизими дунёнинг ривожланган давлатларининг Олий таълим муассасаларида тан олинган ва йўлга қўйилган, жаҳон стандартларининг барча талабларига жавоб берувчи ўқув дастуридир. Тизимга асосан, олийгоҳлардаги фан учун ўқиш юкламаси сонига қараб, кредитларга ажратилади. Мисол, учун ҳар битта фан учун 5,6 ёки 7,5 кредитларга ажратилиши мумкин. Талабалар бўлса, ҳар семестр давомида кредитлар тўплаб боришади ва унинг миқдорига қараб бакалавр ҳамда магистр даражаси берилади.
  •   ECTS кредит-модуль тизимида бир йиллик кредитлар миқдори 60ни ташкил этади. Бир ўқув йили 2 семестрдан иборатлигини ҳисобга олсак, талаба ўқиши давомида ҳар семестрда 30 кредит тўплаб бориши керак бўлади. Бакалавр дастури одатда 4 йиллиги ҳисобга олинса, талаба ушбу даражани қўлга киритиш учун жами 240 кредит, магистратура дастурини тугаллаш учун эса 120 кредит тўплаши талаб этилади.

  Кредитлар – талаба бажариши керак бўлган миқдори белгиланган ўқиш юкламасини англатади. ECTS кредит-модуль тизимида 1 кредит ўртача 25-30 соатлик ўқиш юкламаси бўлади. Бу дегани, агар фан 6 кредитли фан бўлса, талаба ушбу фан бўйича белгиланган миқдордаги кредитларни қўлга киритиш учун семестр давомида 150-180 соатлик ўқиш юкламасини бажариши керак бўлади (25*6=150; 30*6=180).

Тизим тўлиқ ишлаяптими?

  Кредит-модулнинг талабалар учун бир қанча енгилликлари ҳам бор. Булар, давомат, дарслар жадвали, фанлар ресурслари ва яна бир қанча маълумотларни online база орқали кўра олишдир. Яна битта энг асосий, жиҳат шундаки, талабалар ўзлари ва йўналишига мос фанларни танлашлари мумкин.

  Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигинг расмий https://lex.uz/ru/docs/-5193564#-5199760 сайтидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларида таълим жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ тизимни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида низомга 4-боби яъни Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини режалаштириш қуйидаги босқичлардан иборат дея келтирилган. Унга кўра, намунавий ўқув режаси ва фанлар каталогини илғор хорижий университетлар тажрибаси билан ички иқтисодиёт тармоқларида олиб борилаётган ислоҳотлар, кадрлар тайёрловини уларни иш билан таъминловчиларнинг талаблари ва миллий қадриятларни эътиборга олган ҳолда тайёрлаш ва қўшимча равишда “Танлов фанлар каталогини шакллантириш” деб ёзиб ўтилган қисми мавжуд.

  Шу ўринда, битта савол Нимага бу жойи ҳозиргача ишламайди? Балки, айрим муаммолар: Талабанинг дарсга қатнашиши, фанга қизиқиши, яхши ўзлаштириши, мустақил изланиши учун ҳам айнан шу банди ишлаши керак эмасми?

  Айнан ҳозирги вақтни мисол қилиб айтсак, талабани дарсга олиб келиб 80 минут (бир пара) давомида олиб ўтириш жуда қийин бўлиб қолди. Сабаби, талабалар дарсдан ёки ўқитувчидан ниманидир ўргана олишига кўзи етмаслигини билгани учун бормай қўя қолишни афзал кўради. Кредит-модуль тизими олий таълим муассасаларига кириб келганига ҳам уч йилдан ошди. Ҳозирга келиб деярли 90 фоиз олийгоҳларда тизим ишга туширилган. Бироқ, нимага бошқа функциялари ишлайди-ю, талаба учун энг муҳим ва аҳамиятга эга жойи ишламайди. Талабалар орасида “Яна ўша ўқитувчими?”, “Бирор мавзуни ҳам яхши тушунтира олмайди”, “Шунча вақтимизни устознинг ҳаёти ва фаолиятини тинглаш “Ўрнига бошқа ўқитувчи кирсин!” каби жумлалар тез-тез қулоққа чалинади. Дарс ёқмаслигини кўпчилик талабалар ўқитувчиларнинг техникасига олиб бориб тақайди. “Z” авлод ёшлари замонавий технологиялар ва сунъий интеллект даврида яшаётгани сабабли, улар ўзларидан ҳам юқори малакали ўқитувчилардан таълим олишни афзал кўради. Шунинг учун ҳозирги талабаларни унча-мунча ўқитувчи қониқтира олмайди. Эски тизимдан чиқиб, янгисида таълим сифатига назорат кучайтирилиши ўрнига аксинча, орқага қайтаётгандек эмасми? деб ўйлаб ҳам қоламиз баъзида.

  Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, агарда ҳозирги талабалар ва уларнинг хоҳиш ва истаклари инобатга олинмас экан, демак улар кимнингдир тузган йўлидан юрадиган ва мустақил ўз соҳасининг буткул “Брак” мутахассиси бўлиб етишади. Биз барча олий таълим муассасаларида “Фан танлов” имконияти йўлга қўйилиши ҳамда талабалар бундан эркин фойдаланиши тарафдоримиз. Мутасаддилардан бу муаммога беЭътибор бўлмасликни сўраб қоламиз. Зора, шу орқали барча талабаларнинг ушбу ҳуқуқи ҳам улар учун ишласин.

#Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг