Қишки сессия жараёнлари давом этмоқда. Унинг доирасидаги имтиҳонлар, якуний назорат ишлари, уйқусиз тунлар…
«Шурикнинг саргузаштлари» фильмидаги машҳур имтиҳон саҳнасига ўхшаш ҳолатларни айни кунларда деярли ҳар бир олий таълим муассасаларида учратишингиз мумкин. Талабаларни бу пайтда ҳеч нарса қизиқтирмайди, уларнинг фикри имтиҳонлардан ўтиб олиш.

Эндиликда масъулият икки карра ортади. «Семестрларни аъло баҳоларга тугат ва грант эгаси бўл» қабилидаги ўй хаёллар талабани янада чуқур билим олишга, ўз-устида тинмай ишлашга ундайди. Ахир шундай ҳам бўлиши керак эмасми? Талабани мақсади фақат ва фақат билим олиш, танлаган мутахассислигини пухта эгаллаш.
Хўш, бугун ОТМларда сессия қандай ўтмоқда? Бу борада талаба – ёшлар ва ўқитувчилар фикрлари билан қизиқдик.
Юлдуз Абдуллаева: Қарши давлат университети талабаси:
– Умуман бўш жойни ўзи йўқ! 6 ойда ўқилмаган маъруза-ю, семинарлар 1 ҳафтада ўқилади, ёзилмаган дафтарлар тўлдирилади, бу фурсатдан унумли фойдаланиб баъзи уддабурон талабалар мўмайгина пул ҳам ишлаб олишади! Шу билан барчасини тайёрлаб, Устоз ёнига бош эгиб, «Домлажон…» деб келади. Домла қарайди, дарсга тўлиқ келмаган, дафтари бўлмаган, дарсларда жавоб бермаганларга «Баҳо қўймайман» дейди. Ўқиб мавзуни топширишини айтади. Талаба бориб ўқийди, қайтиб келиб яна топширади, яна қайтаради, чунки шунча нарсани қандай бир-икки кунда ўзлаштириш мумкин?! Хуллас яхшиям шу сессия бор экан талабалар йил давомида ўқимаганини уч-тўрт кун давомида ўқийди.

Чирчиқ давлат педагогика университети талабаси – Мунира Балтабаева:
– Ҳар семестр якунида имтиҳон олиш йўлга қўйилган. Лекин баъзи таълим муассасаларида якуний назоратлар талабаларни қийнаш учун жорий қилинган деб ўйлайман. Аслида, синовлар маълум вақт давомида ўтилган мавзулар юзасидан ўтказилиши керак. Бироқ шундай устозлар борки, якуний назоратлар моҳиятини тушуниб етмайди, ўтилмаган ва кераксиз мавзуларда топшириқлар беради. Қўшимча фанлар қўйилиши талабани ўқишдан чалғитади. Белгиланган ихтисослик бўйича кўпроқ амалиёт жараёнлари ташкил этилиши ҳам ўринли бўлади. Назарий дарсларда олинган билимлар амалиётда мустаҳкамланмаса, натижага эришиш қийин.

Асила Баҳодировна Ўзбекистон Миллий университети талабаси:
Ҳозирги вақтда университетимизда сессия, яъни якуний имтиҳон жараёнлари бўлиб ўтмоқда. Бу биз талабалар учун семестр бошида ўтилган нарсаларни такрорлаб олишимиз учун бир сабаб бўлмоқда десак муболаға бўлмайди. Сессия жараёнлари шаффоф тарзда олиб борилмоқда ва талабаларга ўз билимларига тўғри келадиган баҳолар қўйилмоқда.

Севинч Толибжонова: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси:
Бугунги кунда якуний назоратлар шаффоф тарзда олиб борилмоқда. Якуний назоратлар учун жуда қаттиқ тайёрланяпмиз. Университет раҳбарияти томонидан биз ёшларни ўйлаган ҳолда якуний назоратлар оралиғидаги вақт етарли тарзда ташкиллаштирилган. Биз бундан жуда хурсандмиз.

Роҳилабону Ғўччиева: Жаҳон тиллари университети магистранти:
Имтиҳонлар қизғин паллада. Ҳозирча бешга ёпдим, яна иккита фаним қолди. Охирги ўзгаришларни эшитиб очиғи хурсанд бўлдим, энди имтиҳон ўйин эмаслигини айрим грантга ўқишга кирволиб, битирсам бўлди дейдиган талабалар учун ўз устида ишлаш пайти келганини билдиради. Энди имтиҳонлар мураккаблашади, баҳо олиш ҳам осон бўлмаса керак.

Сессия талабалар кўнглида «ташвиш», уйғонадиган вақт. Сессияга ҳам бир зумда кўз очиб юмгунча якуний назоратлар билан ўтиб кетади.
Барча талабалардан фақат имтиҳонга эмас, устоз жон куйдириб тушунтирадиган дарсларга ҳам шундай диққат билан тайёргарлик кўришлари мақсадга мувофиқ бўлади. Унутманг, сиз бу даргоҳга имтиҳон топшириш учун эмас, илм олиб, мутахассис бўлиш учун келгансиз!
Тўпловчи Маъмура Тўраева
#Мақола