Мақолалар 23/06/2025 Болани 1-синфга қабул қилиш учун қандай тиббий маълумотномалар керак?

Умумтаълим мактабининг 1-синфига қабул қилинаётган боланинг ўқиш жараёнларига мослашуви, айниқса унинг соғломлиги, жисмонан ва руҳан тайёрлиги муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун болаларни мактабга қабул қилишда ота-оналардан бир нечта тиббий маълумотномалар талаб қилинади.

Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси бош педиатри Дилобар Ҳидоятова, бола 1-синфга қабул қилишда зарур бўлган тиббий текширувлар ҳақида маълумот берди.

— 2020 йил 23 сентябрда “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига киритилган ўзгаришларга кўра, умумтаълим мактабларининг 1-синфига қабул ёши 7 ёш этиб белгиланди, — дейди мутахассис.

— Агар бола мактабгача таълим муассасасига борган бўлса, улар боғча давридаёқ, ҳудудий оилавий поликлиника мутахассислари томонидан доимий равишда барча тиббий кўриклардан ўтказилади ва уларнинг соғломлигини тасдиқловчи 026-шаклидаги тиббий маълумотнома қабул комиссиясига тақдим этилади.

Агар бола боғчага бормаган бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 27 июлдаги буйруғига биноан, 026-шаклидаги тиббий маълумотномани олиш учун бола ҳудудий оилавий поликлиникага йўлланма асосида қуйидаги мутахассислар томонидан текширилади: стоматолог, эндокринолог, ортопед, офтальмолог, логопед, психоневролог ва оила шифокори. Бундан ташқари, бола умумий қон ва пешоб таҳлилларидан, шунингдек, 3 марта гижжага қарши лаборатор таҳлиллардан ўтиши зарур.

Шунингдек, болаларнинг Миллий профилактик эмлаш календарига мувофиқ бир қатор касалликларга қарши вакцина олишлари керак. Ушбу вакцинация маълумотлари 063-шаклдаги тиббий маълумотнома билан тасдиқланиши лозим. Вакциналар қаторига вирусли гепатит В, сил, полиомиелит, ротавирус инфекциялари, бўғма, қоқшол, кўкйўтал, Хиб инфекцияси, қизамиқ, эпидпаротит ва пневмококк инфекциялари киради.

#Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг