Австралиялик олимлар ёш болалар билан ишлайдиган 563 нафар педагог орасида сўровнома ўтказди. Тадқиқот давомида уларнинг кўпчилиги нейромифларга ишониши маълум бўлган.
Австралиянинг бир нечта университет тадқиқотчилари кичик ёшдаги болаларнинг ўқитувчилари орасида кенг кўламли сўров ўтказди. Иштирокчилар ижтимоий тармоқлар ва электрон почта орқали топилган.
Респондентларнинг тахминан 75 фоизи боғчаларда, қолганлари мактабларда ишлаган. Уларнинг аксарияти (35,5 фоизи) 20 йилдан 40 йилгача бўлган касбий тажрибага эга эди. Уч йилгача ишлаган ўқитувчи ва тарбиячилар 4,9 фоизни ташкил этган. Иштирокчиларга “Ухлаётганимизда миямиз ўчади” каби кенг тарқалган афсоналар ҳақидаги 14 та фикрни ва “Соғлом овқатланиш болаларда мия ривожланишига ёрдам беришнинг самарали усулларидан бири” каби 13 та ҳақиқий фикрни нотўғри ёки тўғри деб баҳолаш таклиф қилинган.
Баъзи мифларни иштирокчилар ёлғон деб тўғри баҳолаган. Респондентларнинг 90 фоиздан ортиғи “Ухлаётганимизда миямиз ўчади” ва “Ақлий қобилият фақат ирсият билан белгиланади ва муҳит ёки тажриба туфайли ўзгариши мумкин эмас” деган фикрларни мутлақо нотўғри деб тўғри аниқлаган.
Бироқ мифларнинг бир қисми нотўғри баҳоланганлиги маълум бўлган. Хусусан, иштирокчиларнинг атиги етти фоизи “визуаллар,” “аудиаллар” ва “кинестетиклар” ҳақидаги нафақат эскирган, балки мутлақо нотўғри назария ҳеч қачон ишончли экспериментал далиллар билан тасдиқланмаганлигини билишган. Уларнинг атиги 15 фоизи миянинг “мантиқий” ва “ҳиссий” ярим шарлари мавжуд эмаслигини тушунишган.
Нейропсихология бўйича аниқ билимларга эга бўлиш ва афсоналарни танқидий баҳолаш қобилиятини тадқиқотчилар нейросавод деб атаган. Ўртача ҳисобда педагоглар паст баҳо олган – 27 баллдан 13,7 балл. Олимлар ёш, тажриба ва бошқа омиллар билан боғлиқ статистик жиҳатдан сезиларли фарқларни топмаган. Аммо ўз-ўзини баҳолаш кўрсаткичлари, яъни ўз имкониятларига ишонч ва уларни амалга оширишдан муваффақият кутиш сезиларли даражада фарқ қилган. 31 йилдан 40 йилгача иш тажрибасига эга бўлган ўқитувчилар ўзларини энг юқори баҳолаган – 7,28, энг ёшларда 5,65; 41 йил ва ундан кўп тажрибали педагоглар эса – 8,22. Ўқитувчи ва тарбиячилар ўртача 10 баллдан 6,66 балл олган.
Олимларнинг хулосалари Trends in Neuroscience and Education журналида чоп этилди. Афсуски, “психологик” афсоналарга фақат австралиялик ўқитувчи ва тарбиячиларгина ишонишмайди. Испаниялик олимлар ўнлаб мамлакатлардаги 24 та тадқиқотни таҳлил қилиб, кўпчилик ўқитувчиларнинг нейропсихология соҳасидаги билимлари талаб даражасида эмаслигини аниқлаган.
#Мақола