Мақолалар 05/06/2025 Олий таълим муассасаларига қабул билан боғлиқ энг муҳим маълумотлар

 Олий таълим муассасаларига қабул Президентнинг ПФ–81-сон Фармонига  мувофиқ “аввал тест, сўнг танлов” тамойили асосида амалга оширилади.

Бунда абитуриентларни рўйхатга олиш мй.узбмб.уз сайти орқали икки босқичда амалга оширилади.

✅ 1-босқичда (5 июндан 25 июнга қадар) қуйидагилар танланади:

➖ фанлар мажмуаси (барча учун);

➖ таълим тили (барча учун);

➖ тест топшириш алифбоси (таълим тили сифатида ўзбек тили танланса);

➖ тест топшириш ҳудуди (барча учун).

➖ касбий (ижодий) имтиҳон топшириладиган ОТМ (алоҳида иқтидор талаб этиладиган йўналиш танланса).

Бунда фанлар мажмуасини аниқлаш учун танланган таълим йўналиши абитуриент мазкур таълим йўналишига рўйхатдан ўтганини англатмайди (таълим йўналиши тест синовларидан сўнг танланади). Бу фанлар мажмуасини аниқлаш учун абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида йўлга қўйилган.

 Абитуриент алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишини танласа, касбий (ижодий) имтиҳонни топшириш учун ўзига қулай бўлган ОТМни танлаши мумкин (тест топшириш ҳудудини танлагани каби). Бу абитуриент мазкур ОТМга ҳужжат топширганини англатмайди.

❗️ Жорий йилдан бошлаб фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилади.

✅ Шу сабабли чет тилини 1-фан сифатида танламоқчи бўлган абитуриентларда чет тилидан B2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки халқаро сертификат бўлиши лозим.

Тест синовларининг ўтказилиш саналари абитуриентларни рўйхатга олишнинг 1-босқичи тўлиқ якунлангандан сўнг Давлат комиссияси томонидан белгиланади.

✅2-босқичда (тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида) қуйидагилар танланади:

➖ олий таълим муассасаси (тест синови топширган фанлар мажмуасига мос таълим йўналиши мавжуд ОТМ);

➖ бакалавриат таълим йўналиши (тест синови топширган фанлар мажмуаси ва таълим тилига мос йўналиш);

➖ таълим шакли (турли таълим шаклларини танлаш мумкин);

➖ танлов устуворлиги (“Давлат гранти” ёки “Таълим йўналиши” устуворликларидан бири).

Абитуриентнинг тест синовида тўплаган баллари имтиҳон ўтказилган куннинг эртасига, мандат натижалари эса таълим йўналишларини танлаш тўлиқ якунлангандан сўнг бир ҳафта муддатда мй.узбмб.уз сайтида эълон қилинади.

✅Техникумда ўқиш истагини билдирган абитуриентлар ОТМлари учун мандат натижаси эълон қилинганидан сўнг 10 кун муддатда қуйидагиларни танлайди:

➖ техникум;

➖ касб ва мутахассислик;

➖ таълим шакли.

 Техникумлар учун мандат натижалари бир ҳафта муддатда мй.узбмб.уз сайтида эълон қилинади.

#Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг