Нодавлат таълим муассасалари ассоциацияси раиси Нуриймон Абулҳасан YouTube’даги “Ватандош” ТВ каналига берган интервьюсида олий таълим муассасаларини хусусий ёки давлатники деб ажратилишини мантиқсизлик деб баҳолаган.
Нуриймон Абулҳасан фикрига кўра, Ўзбекистондаги ОТМларига лицензияни берадиган ташкилот давлатники эмас, хусусий бўлиши керак.
“Хусусий университетларга давлат ташкилотлари лицензия бериши нотўғри. Бу мантиқсизлик. Чунки биз университет очишдан кўзланган асосий мақсадга эътибор қаратишимиз керак. У давлат томонидан очиладими, хусусий таъсисчилар томониданми, мақсад етук кадрларни етиштириш бўлиши лозим. Мана бу хусусий, нариги давлатники деб гапиришимизнинг.
Масалан, Оксфорд, Гарвард ва бошқа йирик халқаро университетлар юзлаб, минглаб йиллардан бери фаолият юритади. Улар нимаси билан бутун дунёга танилди? Давлат маблағлари шу даражага етиб келгани йўқ. Бу даражага олиб чиққан нарса, илмий салоҳият, изланишлар ва кашфиётлар бўлди. Шунинг учун уларни ҳамма танийди. Биз 3-ренессансни яратамиз деяпмиз. Лекин уни шиорлар, баландпарвоз гаплар билан, қанақадир бир кўчада ёзилган баннер билан қила олмаймиз”, – дейди Нуриймон Абдулҳасан.
Нуриймон Абулҳасан айтишича, мамлакатдаги ОТМлар эркин эмас, улар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги босими остида, бу эса таълим сифатига салбий таъсир қилади.
“Мактаб таълими ва Олий таълим вазирликлари мана шунча мактаб ёки университет моддий–техник базасини янгиладик, фалонча жой ободонлаштирилди, деб ҳисоботлар беради. Мажлисларида иштирок этаман. Лекин шунча боланинг фикри ўзгарди, шунча бола билимли бўлди, пешқадамга айланди каби маълумотларни қачон ҳисоботга қўшамиз? Биз доим моддий-техник база учун ажратилган маблағлар ҳисоботини эшитамиз.
Илмий салоҳиятни четга суриб, бинога талаб қўяверсак бўлмайди. Бинони зўр қилди дейлик, ўқитаётган талабалар миясида ўзгариш қила олмасак, уларни оламшумул кашфиётчи қилиб етиштирмасак нима ўзгаради? Ҳозир ҳамма жойда сунъий интеллект ишлаяпти. Биз уни ҳали болаларимизга тушунтира олмаётган бўлсак, у ҳисоботлар кимга керак? Университетлар ичида рақобатни кучайтириш зарур. Рақобат бино ёки сонлар билан эмас, миялар билан бўлиши керак”, – дейди ассоциация раиси.
Аввалроқ Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ёшларнинг кўпчилиги диплом учун ўқишга кириши, бунинг сабаби давлат ташкилотларига ишга қабул жараёнида билим эмас, диплом сўралишини айтганди.
“Ёшлар ҳали ҳам диплом бўлса бўлди, деган фикрда юрибди. Нима учун шундай, нега дипломга қизиқамиз, деб ўйладим. Чунки олдинлари, совет тизими пайтида ишга қабул қилаётганда диплом сўралган. Дипломга бухгалтер деб ёзилган, лекин талабгор иқтисодчи бўлиши мумкин. Иш берувчи йўқ, менга бухгалтер дипломи керак, деган. Дипломингни кўрсат, деган. Сен шу соҳани биласанми, бухгалтериядан билиминг борми — уни ҳеч ким текшириб олмайди. У диплом бўйича қабул қилади. Чунки қабул қилган одамни ҳам текширувчи орган ходим дипломига мосми, деб текширган. Билими борми, шунга мосми, бирор нарса ҳисоб-китоб қилишни биладими — бу ҳеч кимга қизиқ эмас. Бизга фақат қизиқ —дипломи бўлиши керак. Ҳозир ҳам давлат ташкилотларида бу тизим ишлайди. Давлат ташкилотларида малака ва билимни баҳолайдиган тизим жорий қилмагунча, дипломга бўлган талаб кучаяверади. Ташкилот биз диплом олиб келиб берсаккина, ишга қабул қилади”, – деган эди вазир Қўнғиротбой Шарипов.
Шу билан бирга, вазир Ўзбекистонда давлатга қарашли 20 та ОТМлари талабга жавоб бермаслиги ва уларни ёпиш режалаштирилганини айтган эди.
#Мақола