Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтининг берган маълумотларига кўра, буллинг турлари орасида товламачилик ўқувчиларнинг академик натижаларига энг катта таъсир қилувчи ҳолат ҳисобланади. Бу математика, ўқиш ва табиий фанлардан оладиган баҳолар пасайишига сабаб бўлиши айтилмоқда. Институт айни муаммога ечим сифатида ўз таклифларини ҳам келтирди.
2022 йилда Ўзбекистон мактаблари 15 ёшли халқаро ўқувчиларнинг билимини баҳолаш бўйича дастур – PISA имтиҳонларида илк марта иштирок этиб, 81 та мамлакат орасида математика бўйича 72-ўринни, табиий фанлар ва ўқиш саводхонлиги йўналишларида эса 80-ўринни эгаллаган. Унда 202 та мактабдан 7 293 нафар ўқувчи иштирок этган.
Ҳозирги дунёда деярли мукаммал ҳисобланган бу дастур доирасида нафақат таълимий кўникмалар, балки бошқа йўналишларда ҳам ўқувчиларга оид кўрсаткичлар, жумладан, болаларнинг қай даражада буллинг ёки зўравонликка учраши ҳам эълон қилинган.
Мактаб бошқарув ходимлари орасида ўтказилган сўровномага кўра, сабабсиз дарс қолдириш (26 фоиз), спиртли ичимликлар ёки тақиқланган дори воситаларини истеъмол қолиш (26 фоиз) ҳамда ўқитувчиларнинг дарсга яхши тайёргарлик кўрмаслиги (25 фоиз) мактабда ўқувчиларнинг таълим олишига жиддий салбий таъсир қилади.
Шунингдек, мактаб муҳитига алоқадор бошқа омиллар, масалан, ўқувчиларнинг бошқа ўқувчиларни қўрқитиши ёки зўравонлик қилиши (20 фоиз) ҳамда ўқитувчиларнинг ўқувчиларга нисбатан жуда қаттиққўл бўлиши (8 фоиз) ҳам таълим жараёнига салбий таъсир ўтказиши мумкинлиги аниқланган.
Мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилиш
Мактабдаги муаммолардан яна уришқоқлик (31 фоиз), бир ўқувчининг иккинчи ўқувчига тан жароҳати етказиши (21 фоиз), ҳақоратли сўзлар ишлатиши (21 фоиз) ва безориликка алоқадор бошқа иллатлар ҳам борлиги аниқланган.
Ўқувчилар кўпроқ ўзларини мактаб ҳудудида хавфсиз ҳис этмаслигини айтиб ўтган. Масалан:
– йўлак, ошхона, ҳожатхонада – 20 фоиз (ИҲТТда ўртачаси – 10,1 фоиз, PISA ўртачаси – 12,5 фоиз, Қозоғистон – 14,2 фоиз);
– мактабдан уйга қайтиш йўлида – 15 фоиз (ИҲТТда ўртачаси – 8,5 фоиз, ПИСА ўртачаси – 10,2 фоиз, Қозоғистон – 13,5 фоиз);
– мактабга бориш йўлида – 14 фоиз (ИҲТТ ўртачаси – 8,2 фоиз, ПИСА ўртачаси –10,1 фоиз, Қозоғистон – 15,6 фоиз);
– мактаб синф хонасида – 14 фоиз (ИҲТТ ўртачаси – 6,9 фоиз, ПИСА ўртачаси – 8,1 фоиз, Қозоғистон – 12,3 фоиз).
Мазкур рақамлар Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ), ПИСА ҳамда Қозоғистоннинг кўрсаткичларидан анча юқори. Таъкидланишича, ҳар етти ўқувчидан камида биттаси мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди ва зўравонлик ёки безорилик гувоҳи бўлади
#Мақола #Ўқувчи