Жамиятда таълим мавзуси ҳар доим долзарб ҳисобланган, шу сабабли таълимга оид барча қарорлар, янгиликлар ота-оналарнинг диққат марказида бўлади. Ҳар бир ота-она борки фарзандининг кучли билимга эга бўлишини, жамиятда салоҳиятли кадр бўлиб етишишини истайди. Ота-оналарнинг фарзанди тақдирига бефарқ эмаслигига яна бир мисол сўнгги вақтларда ота-оналар ўз фарзандларини хусусий мактабларга беришга интилмоқда. Мақсад фарзандини сифатли таълим олиши учун қулай шароит яратиб бериш.
Хўш, нима учун халқимиз бепул мактаблар туриб, фарзандларини хусусий мактабга беришга ошиқмоқда? Нодавлат таълим муассасаларининг давлат мактабларидан фарқли жиҳатлари нимада? Шу каби саволларга жавоб тариқасида бугун сизга хусусий мактабларнинг ижобий ва салбий жиҳатларини таҳлил қиламиз.
Барчамизга маълумки хусусий мактаблар ҳам худди давлат мактаблари каби давлат таълим стандартлари (давлат талаблари), ўқув режалари ва ўқув дастурларига мувофиқ давлат таълим нормалари шаклида фаолият юритади. Фарқли жиҳати шундаки, нодавлат таълим муассасаларида самарадорликни ошириш учун халқаро амалиётлардан фойдаланиш мумкин.Бундай мактабни қандай топиш мумкин? Агар муассаса номида «Интернатионал» сўзи ишлатилса, унда сиз бу ерда чет эллик мутахассислар ишлаши ёки халқаро таълим тажрибаси қўлланилишига амин бўлишингиз мумкин. Ушбу шакл, албатта, таълим олувчилар учун манфаатли бўлади бўлади. Нодавлат таълимда халқаро тажрибалардан ўтган таълим дастури бўлиши яхши, аммо, бу давлат мактабларидан устунлик беради деб айта олмаймиз. Чунки, таълимда муассаса шакли эмас, балки педагог катта роль ўйнайди. Мактабдаги замонавий жиҳозлар боланинг таълимга бўлган қизиқишини ўстиришга туртки бўлади.
Хусусий секторда моддий базанинг имкониятлари анча кенгроқ, шунинг учун яхши жиҳозланган хоналар, замонавий технологиялар ва техникадан фойдаланиш илғор, сифатли таълим билан бирга кечади. Бироқ бу омил барча хусусий мактабларда мавжуд эмас. Жиҳозланиш кўламини қандайлигини аниқлаш учун НТМ (нодавлат таълим муассасаси)даги ойлик тўлов миқдорига эътибор беринг. Пул қанчалик юқори бўлса, мактаб шунча кўпроқ жиҳозланган бўлади. Хусусий мактабнинг афзалликларидан яна бири шуки хусусий мактаб синфларида ўртача 15-20 нафар бола таълим олади. Бу ўқитувчига синфдаги ҳар бир болага эътибор бериш имконини яратади.
Ота-оналарнинг фикрича хусусий мактабларда баҳолар фақат ижобий бўлиши керак. Бу мактаб шаклига унча боғлиқ бўлмаган омил.Чунки, таълимдаги муваффақият мактаб номи ва ота-онанинг пулига эмас, балки ўқувчи ҳамда педагогнинг ўзига боғлиқ. Агар бола давлат мактабидан хусусий мактабга ўтказилса, бу унинг натижалари яхшиланишига кафолат бермайди.
Хусусий мактабнинг яна бир қулайлиги у ерда хавфсизлик таъминланган. Қўриқлаш хизмати яхши шакллантирилганлиги сабабли ҳудудга бегоналар кира олмайди.
Барчамизга сир эмас, НТМда болани ўқитиш барибир чўнтакка анча қимматга тушади. Хусусий секторда ўқитишнинг қиймати жиҳозлар ва муассасанинг машҳурлигига қараб белгиланади. Инновацион ва яхши жиҳозланган мактабда таълим нархи ўртача ойига 2 миллиондан 5 миллион сўмгача бўлади. Мамлакатдаги ўртача иш ҳақи ҳисобга олинса, бундай мактаблар кўпчилик учун анча қимматлик қилади. Фақатгина ижтимоий қўллаб-қувватловга муҳтож оилаларнинг истеъдодли ва иқтидорли болалари учун НТМда бепул таълим олиш имконияти мавжуд. Бундай болалар танлов асосида ва жами ўқувчилар умумий сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган чегарада олинади.
Албатта, муассасани танлаш ота-оналар ихтиёрида, лекин ўқувчининг хоҳиш-истаклари ҳақида унутиш керак эмас. Мактабда сиз эмас, балки фарзандингиз ўқийди! Мактаб биноси, жиҳозлар ва машҳур номга эътибор бериб, инсон омили ҳақида ҳам унутманг.
Маъмура Тўраева тайёрлади
#Мақола