Зулфия Исроилова 1915 йил 1 мартда Тошкентда ҳунарманд-дегрез оиласида туғилди. Унинг бобосини Муслим дегрез дер эдилар ва у Дегрезлик маҳалласида яшар эди. Олов ва темир билан тобланган отасини шоира шундай хотирлайди: “Отам заҳматкаш темирчи эди. Мен ҳамма вақт уни иш кафтида кўрар эдим. Ўша вақтда болаларини боқиш, рўзғор тебратиш учун одамлар жуда кўп меҳнат қилишлари зарур эканлигига сира ақлим етмасди. Отамнинг ҳамма вақт оловга йўлдош касбидан фақат завқ ва шавқни кўрар эдим”.

Муслим дегрезнинг бешта фарзандидан бири Исроил дегрез эди. Исроил дегрез етти фарзанд кўрди ва фарзандларининг энг кенжасини Зулфия деб атади.
Зулфиянинг болалик чоғлари ана шу иш муҳитида, пўлат тафти анқиган хонадонда кечди. Унинг наздида, отаси шундай моҳир дегрез эдики, у ҳатто пўлатдан қўғирчоқ ҳам қуйиб қўйиши мумкиндек эди. У дошқозон атрофида безовта юрган отасининг ортидан эргашиб, «Дада, менга қўғирчоқ ясаб беринг!» деб илтимос қилгани қилган эди. Озғингина, қорачадан келган, чайир танли отаси эриган пўлатнинг учқунларини сачратиб, турли асбоб-анжомлар ясар экан, халқ эртакларидаги паҳлавонлардек туюларди унга.

Зулфия дастлабки ҳаёт сабоқларини ана шу ота-онаси ва акаларидан олди.
Қиш оқшомларида бутун оила сандал атрофида тўпланар ва Хадича хола катта рўмолни аста очиб, унинг ичидаги бирор халқ китоби ёки баёзни варақлаб, шеър ёки жангномани ўқирди. Зулфия Навоий, Бедил, Фузулий шеърларини биринчи марта онасидан эшитган эди. “Мўъжизалар яратишга қодир, жаҳонни кўзга кенг очувчи, инсонни гўзаллик сари етакловчи Сўз»га муҳаббат туйғусини Зулфияда остона ҳатлаб кўчага чиқмаган оддий аёл” – ана шу онаси уйғотган эди.
Орадан кўп ўтмай, шеъриятга ихлос қўйган қизлар Ёзувчилар уюшмасига бориб, Ҳамид Олимжон ва Уйғун бошқарган семинар машғулотларида ҳам қатнаша бошладилар.

Зулфия тинимсиз китоб ўқир, кечалари ҳаммадан яширинган ва яширган ҳолда шеър машқ қиларди. Ниҳоят, у ўз машқларини тўгарак раҳбарларига кўрсатишга ботинди. Унинг «Мен иш қизи» деб номланган биринчи шеъри 1931 йил 17 июль куни Шукур Саъдулла воситасида «Ишчи» газетасида босилди.
Зулфия шеъри босилиб чиққанидан беҳад даражада қувонган Нормат ака бир даста газетани сотиб олиб, уни ҳаммага кўз-кўз қилиб чиқди. Унинг бундай қувончга берилиши Зулфияга илҳом бағишлади.

Унинг шеърлари «Ёш ленинчи» ва «Қизил Ўзбекистон» газеталарида, «Янги йўл» ва «Ўзбекистон шўро адабиёти» журналларида чоп этила бошлади. 1932 йилда эса Зулфиянинг биринчи шеърлар тўплами — «Ҳаёт варақлари» матбуот юзини кўрди.
Бу шеърлар Ҳамид Олимжоннинг ҳам назарига тушди.
“Мен, — деб ёзади Зулфия, — Ҳамид Олимжонни илк дафъа ўша йилда кўрганман. Биз, йигирма чоғли адабиёт ихлосмандлари, семинар машғулотларига йиғилардик. Машғулотларни Ҳамид Олимжон билан Уйғун бошқарарди. Уларнинг ўша пайтдаги фақат ўзига ишонадиган кишидагина бўладиган босиқ, масрур, кучли қиёфалари мени ҳозиргача ҳайратга солади. Улар ўзларини ниҳоятда эркин тутарди…

…Яшириб ўтирмайман. Ҳамид Олимжон илк кўришувларданоқ кўзимдан кўнглимга ўтди. Мен жуда ёш ҳиссиётим билан унинг кенг қалбини, улкан иқтидорини туйдим”.
1934 йил эди. Ҳозирги “Мустақиллик” метро бекати олдидаги майдончада Ҳамид Олимжон Зулфияни учратиб қолади. Улар шу вақтга қадар фақат адабий кечалар туфайлигина бир-бирлари билан таниш эдилар. Ҳамид Олимжон тасодифий учрашувдан мамнун бўлиб, Зулфия билан узоқ суҳбатлашади.
— Шеърингизни ўқидим, — дейди у ошкора меҳр билан. – Яхши. Нималигини айтайми? Шеърда қалбингизнинг сурати бор. Бир парчагина бўлса ҳам. У ўзингизнинг қалбингиз. Худди шундай давом эттириш керак. Риторикасиз, ҳақиқатни ёзиш зарур…
Зулфия ўша пайтда «риторика” сўзини ғира-шира англарди. Лекин у бу ҳақда индамай қўя қолади.
“Ўшанда, — деб ёзади шоира, — мен уйимизга юриб эмас, учиб келдим. Келибоқ йўл бўйи туғилган туйғуларимни қоғозга туширдим. Мен бу шеърни шундай енгил, тўлиб-тошиб ёздимки, юрагимга аллақандай афсонавий бир қудрат кириб олиб, фикрларим, қўлларимга куч бахш этаётгандай эди. (Бу “Баҳор кечаси” деб аталган шеърим бўлса керак.)”

Зулфия шу учрашувдан кейин Ҳамид Олимжон тўғрисида тез-тез ўйлайдиган, Ҳамид Олимжон эса ёш шоиранинг шеърларини диққат билан кузатадиган бўлди.
Кўп ўтмай, Зулфия билим юртини тугатиб, 1935 йилда Ўзбекистон Фанлар қўмитаси қошидаги Тил ва адабиёт институтининг аспирантурасига ўқишга кирди. Бу ерда у бўлажак таниқли олимлар — Солиҳ Муталлибов, Аюб Ғуломов кабилар билан бирга адабий-назарий билимини оширди.
Шу йилларда Тил ва адабиёт институтида Ҳамид Олимжон ҳам хизмат қиларди. У Зулфия билан учрашган кезларида унинг ижоди билан қизиқар, унга турли маслаҳатлар берарди. Ҳар бир учрашув уларни тобора яқинлаштирар ва бир-бирларининг қалбига муҳаббат уруғларини соча бошлар эди.
1935 йил улар ҳаётига энг бахтли сана сифатида кириб келди. Шу йилнинг 23 июль куни тақдир икки шоирнинг ҳаёт ришталарини бутун умрга бир-бири билан боғлаб ташлади. Шу даврда Ҳамид Олимжон 26 яшар қирчиллама йигит бўлиб, бешта шеърлар ва ҳикоялар китоби муаллифи, таниқли шоир, тиришқоқ олим, ёш шоирлар учун эса устоз сифатида эл оғзига тушган эди. У Зулфия учун турмуш ўртоғи ва дўстгина эмас, балки унинг ижодий тақдирида мислсиз аҳамиятга молик сиймо ҳам бўлди.
“1935 йилда тўйимиз бўлди, — деб ёзади Зулфия. – Мен яйраб яшардим. Инсон чинакам севиб, севилганда атрофидаги барча қийинчиликлар ушоқ бўлиб кўринади. Тўрт фасл ҳам баҳор бўлиб кўринади. Мен ўша пайтда шундай руҳда эдим».


Уруш даврида шоиранинг «Уни Фарҳод дер эдилар» (1943), «Ҳижрон кунларида» (1944) каби тўпламларининг нашр этилиши Зулфиянинг пешқадам шоирлар қаторига дадил кириб келаётганлигидан нишона эди. Тўпламдаги шеърлар ватанга муҳаббат, душманга нафрат ва ғалабага ишонч руҳида яратилганлиги билан характерлидир. Зулфиянинг «Менинг Ватаним», «Қўлимда қурол-у устимда шинель», «Бизни кут» каби умидбахш шеърлари уруш даври ўзбек шеъриятининг жанговар руҳини ифодаловчи асарлар қаторидан ўрин олган.
Шоиранинг урушдан сўнгги йилларда ёзилган «Далада бир кун» (1948), «Тонг қўшиғи» (1953) каби бир қатор шеърлар туркуми, «Мен тонгни куйлайман», «Юрагимга яқин кишилар» (1958), «Куйларим сизга» (1965) тўпламларида Ватан мадҳи, меҳнат жараёнида фидокорлик кўрсатаётган кишилар ҳаёти жўшиб куйланади. Унинг «Сўроқлайди шоирни шеърим» (1960), «Ойдин» (1953), «Қуёшли қалам» (1967) каби очерк ва достонлари Ҳ. Ҳакимзода, Ойбек, Ойдин, Ҳамид Олимжон каби устозларнинг ёрқин хотираларига бағишланган.
Зулфия Ҳ. Олимжоннинг «Семурғ», «Зайнаб ва Омон» достонлари асосида пьеса ва опера либреттосини ҳам яратган.
Зулфия «Уйлар», «Шалола» каби шеърий мажмуалари учун Ҳамза номидаги республика Давлат мукофоти совриндори бўлган. Ҳинд мавзусидаги шеърлари учун Жавоҳарлал Неру номидаги халқаро соврин, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи асарлари ҳамда тараққийпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги фаол иштироки учун халқаро «Нилуфар» мукофотига сазовор бўлган.

Шоира Ҳиндистон, Югославия, Шири Ланка, Миср, Бирма, Австрия каби мамлакатларда бўлди. У 1956 йилда Осиё ва Африка ёзувчиларининг Деҳлида ўтказилган биринчи конференциясида қатнашиб, машҳур «Мушоира» (1958) асарини яратди.

Унинг шеърлари рус, инглиз, немис, ҳинд, болгар, хитой, араб, форс ва бошқа тилларга таржима қилинган. Шоира Некрасов, Лермонтов, В. Инбер, Леся Украинка, Эди Огнетсвет, М. Дилбозий, Амрита Притам асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.
Атоқли шоира 81 ёшида, 1996 йил 1 августида вафот этган.

1999 йил 10 июнда Президент қарори билан жамиятдаги илғор хотин-қизлар учун Зулфия номидаги давлат мукофоти таъсис этилган.
Тўпловчи Маъмура Тўраева
#Мақола